38.The letter Saad
- Сод. Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам
- Аммо куфр келтирганлар кибру ҳаво ва мухолифликдадирлар
- Биз улардан илгари ҳам қанча асрларни ҳалок этганмиз. Улар (ёрдам сўраб) нидо қилдилар. Аммо қочиб қутулиш вақти эмас эди
- Улар ичларига ўзларидан огоҳлантиргувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу, сеҳргар ва каззобдир», дедилар
- «У худоларни битта худо қилдими?! Албатта, бу ажабланарли нарса!»
- Уларнинг аъёнлари: «Юринглар, худоларингиз тўғрисида сабр қилинглар. Албатта, бу қасдан қилинаётган нарсадир
- Биз бу ҳақда охирги миллатдан эшитганимиз йўқ. Бу, тўқилгандан бошқа нарса эмас
- Бизнинг ичимиздан ўшанга зикр нозил қилинибдими?!» – деб туриб кетдилар. Йўқ! Улар Менинг Зикрим ҳақида шак-шубҳададирлар. Йўқ! Улар азобимни татиб кўрмадилар
- Ёки уларнинг ҳузурида Азийзу ўта саховатли Роббингнинг раҳмат хазинаси борми
- Ёки осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки уларникими? Бас, унда сабаблари ила (осмонга) кўтарилсинлар
- Анави ердаги енгилган фирқалардан бўлган қандайдир лашкар
- Улардан олдин ҳам Нуҳ қавми, Од, қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончи қилган
- Ва Самуд, Лут қавми ва дарахтзор эгалари ҳам. Фирқалар ўшалардир
- Барчалари, албатта, Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. Бас, Менинг иқобим ҳақ бўлди
- Ана ўшалар лаҳзага кечикмай келадиган биргина қичқириқдан бошқа нарсага интизор бўлаётганлари йўқ
- Улар: «Эй Роббимиз, бизга ҳисоб кунидан илгари насибамизни тезроқ бер!» – дедилар
- Улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Албатта, у ўта қайтгувчидир
- Албатта, Биз унга тоғларни бўйсундирдик. Улар у билан кечки пайту эрталаб тасбиҳ айтардилар
- Тўпланган ҳолдаги қушларни ҳам. Барчалари У зотга ўта қайтгувчидир
- Ва Биз унга мулкини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилгувчи китобни бердик
- Сенга даъволашганларнинг хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишган эди
- Ўшанда улар Довуднинг олдига киришган эди. Бас, у улардан қўрқиб кетди. Улар: «Қўрқма, булар — икки даъволашгувчи томон. Биз бир-биримизга зулм қилдик. Бас, орамизда ҳақ ила ҳукм чиқар. Жабр қилма. Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қил», дедилар
- «Мана бу — менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта совлиғи бор. Менинг эса, биргина совлиғим бор. Бас, у: «Уни ҳам менинг кафолатимга бер», деди ва сўзлашувда мендан устун чиқди»
- У: «Дарҳақиқат, сенинг совлиғингни сўраб, ўз совлиқларига (қўшиш) билан сенга зулм қилибди. Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар). Улар жуда ҳам оз», деди. Ва Довуд Биз уни синаганимизни билди-да, тезда Роббига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди
- Бас, Биз унинг ўша (хатоси)ни мағфират қилдик. Албатта, унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир
- Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна, у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга, унутганлари учун, ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир
- Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ. Бу, куфр келтирганларнинг гумонидир. Бас, куфр келтирганлар учун дўзах(азоби)дан вой бўлсин
- Йўқ! Биз иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик
- Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир
- Ва Биз Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У қандай ҳам яхши бандадир. Албатта, у ўта қайтгувчидир
- Эсла, бир оқшом унга гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилди
- У: «Албатта, мен Роббимнинг зикридан кўра дунё ишқига берилиб кетиб, ҳатто (қуёш) парда ила беркинибди-ку
- Уларни менга қайтаринг!» – деди. Сўнгра уларнинг оёқ ва бўйинларини «силай» бошлади
- Батаҳқиқ, Биз Сулаймонни синадик. Унинг курсисига жасадни ташладик. Сўнгра, у тавба қилди
- У: «Эй Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин. Албатта, сен кўплаб атоларни бергувчисан», деди
- Бас, Биз унга шамолни бўйсундирдик, у ирода қилган томонга майин эсаверади
- Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам
- Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)
- Бу Бизнинг ато этган нарсамиздир. Инъом эт ёки тутиб қол, ҳисоб йўқ
- Ва, албатта, унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир
- Бизнинг бандамиз Аййубни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди
- «Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)»
- Ва Биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу, Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди
- «Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма», (деди). Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир
- Қўллар ва кўзлар соҳиблари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсла
- Албатта, Биз уларни холис бир хислат-ла ажратдик. У (охират) диёрини эслаш эди
- Албатта, улар Бизнинг ҳузуримизда танланган ахёрлардандирлар
- Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир
- Бу эслатмадир. Албатта, тақводорлар учун гўзал оқибат
- Улар учун эшиклари очиқ адн жаннатлари бордир
- У ерда ёнбошлаган ҳолларида ундаги кўплаб мевалар ва шароблардан чақирадилар
- Уларнинг ҳузурида кўзларини (номаҳрамдан) тийган тенгдош(ҳур)лар бордир
- Бу сизга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир
- Албатта, бу Бизнинг (берадиган) ризқимиздир. Унинг ҳеч тугаши йўқдир
- Иш бундайдир. Албатта, туғёнга кетгувчилар учун ёмон оқибат
- Жаҳаннам бордир. Унга кирурлар. Бас, у қандай ҳам ёмон ётоқ
- Мана буни татиб турсинлар: қайноқ сув ва йирингни
- Ва бошқа унинг шаклидаги қўша-қўша (азоблар) ҳам
- «Мана бу гуруҳ ҳам сиз билан бирга бостириб киргувчидир. Уларга марҳабо йўқ. Улар, албатта, жаҳаннамга киргувчилардир», дерлар
- Улар: «Йўқ! Ўзингизга марҳабо йўқ! Сизлар ўша(жаҳаннам)ни бизга тақдим қилдингиз! Бас, у нақадар ёмон қароргоҳ!» – дерлар
- Улар: «Эй Роббимиз, бизга бу(жаҳаннам)ни ким тақдим этган бўлса, унга дўзахда икки баробар азобни зиёда қил!» – дерлар
- Улар: «Бизга нима бўлди? Ёмонлардан ҳисоблаб юрган кишиларимизни кўрмаяпмиз
- Биз уларни масхара қилиб олган эдикми ё?! Ёки кўзлар улардан тойдими?!» – дерлар
- Албатта, мана шу ҳақдир — дўзах аҳлининг ўзаро тортишувидир
- Сен: «Мен фақат огоҳлантиргувчиман, холос. Ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқдир, магар ягона ва Қаҳҳор (барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи) Аллоҳгина бор
- У осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби, Азийзу Fаффордир», деб айт
- Сен: «Бу улуғ бир хабардир
- Сиз бўлсангиз, ундан юз ўгирмоқдасиз
- Олий тўплам ҳақида улар тортишаётганларида менинг ҳеч билимим бўлмаган эди
- Менга фақат ўзимнинг очиқ-ойдин огоҳлантиргувчи эканлигимгина ваҳий этилур», деб айт
- Эсла! Ўшанда Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен лойдан башар яратгувчидирман
- Бас, қачонки уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб йиқилинглар!» – деган эди
- Бас, фаришталар барчалари жамланиб, сажда қилдилар
- Магар иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди
- У зот: «Эй, иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» – деди
- У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни лойдан яратгансан», деди
- У зот: «Сен ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан
- Ва, албатта, сенга жазо кунигача менинг лаънатим бўлгай», деди
- У: «Эй Роббим, менга улар қайта тирилтирилажак кунгача муҳлат бергин!» – деди
- У зот: «Сен муҳлат берилганлардансан
- Маълум вақт кунигача», деди
- У : «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан
- Магар, улардан халос қилинган бандаларинггина (иғвога учмас)», деди
- У зот: «Ҳақ шулки, зотан, Мен фақат ҳақни айтурман
- Албатта, Мен жаҳаннамни сен ва улардан сенга эргашганлар билан жамлаб тўлдирурман», деди
- Сен: «Мен унинг учун сиздан ҳеч ажр, ҳақ сўрамасман. Мен сохтакорлардан ҳам эмасман
- У(Қуръон) фақат оламлар учун эслатма, холос
- Албатта, унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз», деб айт