36.Yaseen
- Йаасийн
- Қуръони Ҳаким ила қасам
- Албатта, сен Пайғамбарлардандирсан
- Сиротул мустақиймдасан
- Бу Азийзу Роҳиймнинг нозил қилганидир
- Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари ҳам ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун
- Батаҳқиқ, уларнинг кўпларига (азоб) сўзи ҳақ бўлди. Бас, улар иймон келтирмаслар
- Биз уларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Улар иякларигача етадир. Бас, улар кўзлари юмуқ, осмонга қараб ғўдайиб қолдилар
- Ва Биз уларнинг олдидан ҳам тўсиқ қилдик, орқаларидан ҳам тўсиқ қилдик, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўрмаслар
- Ва уларга бари бирдир — қўрқитсанг ҳам ва ёки қўрқитмасанг ҳам — иймонга келмаслар
- Сен эса, фақат Зикр(эслатма)га эргашган ва Роҳмандан ғойибона қўрққан кимсани огоҳлантирурсан. Бас, унга мағфират ва гўзал ажрнинг хушхабарини бер
- Албатта, Биз Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Очиқ-ойдин имомда(яъни номаи аъмолда) ҳар бир нарсанинг ҳисобини олиб қўйганмиз
- Сен уларга Пайғамбарлар шаҳар аҳолисига келган пайтни мисол қилиб келтир
- Ўшанда Биз уларга иккитани юборган эдик, улар икковларини ёлғончига чиқардилар. Бас, Биз учинчи билан қўлладик. Шунда: «Албатта, биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз», дедилар
- Улар: «Сиз бизга ўхшаган башардан бошқа нарса эмассиз. Роҳман ҳеч нарса нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасиз, холос», дедилар
- Улар: «Роббимиз билади. Албатта, биз сизларга юборилган Пайғамбарлармиз», дедилар
- Бизнинг зиммамизда очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ
- Улар: «Биз сизлардан бадгумон бўлдик. Агар тўхтамасангиз, сизни албатта тошбўрон қилурмиз ва сизга биздан аламли азоб етадир», дедилар
- Улар: «Бадгумонлигингиз ўзингиз билан. Сизга эслатма берилганигами?! Йўқ! Сиз ўзингиз исрофчи қавмсиз», дедилар
- Шаҳар четидан бир киши шошилиб келиб: «Эй қавмим, юборилган Пайғамбарларга эргашинг
- Сиздан ажр-ҳақ сўрамайдиган, ўзлари ҳидоятда бўлган шахсларга эргашинг
- Менга нима бўлибдики, ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин?! Унгагина қайтарилурсизлар
- Мен Уни қўйиб, бошқа илоҳлар тутайми?! Агар Роҳман менга бирор зарарни ирода қилса, уларнинг шафоати менга ҳеч фойда бермас ва улар мени қутқара олмаслар
- Албатта, у тақдирда мен очиқ-ойдин адашувда бўлурман
- Албатта, мен Роббингизга иймон келтирдим. Бас, мени тинглангиз», деди
- «Жаннатга кир», дейилди. У: «Кошки, қавмим билсалар эди
- Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди
- Биз унинг қавмига ундан кейин осмондан бирор қўшин туширмадик ва туширувчи эмас ҳам эдик
- Фақат биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлмади. Бирдан улар сўниб қолдилар
- Бандаларга ҳасратлар бўлсин! Ҳар қачон уларга Пайғамбар келса, уни фақат истеҳзо қилар эдилар
- Ахир, улар ўзларидан олдинги қанча асрларни ҳалок этганимизни ва, албатта, ўшалар уларга қайтмасликларини кўрмайдиларми
- Албатта, барчалари тўпланган ҳолларида ҳузуримизга ҳозир қилингайлар
- Улар учун ўлик ер оят-(белги)дир. Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар
- Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик
- Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Шукр қилмайдиларми
- Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган Зот пок бўлди
- Улар учун кечаси ҳам оят (белги)дир. Биз уни кундуздан шилиб олурмиз. Бас, улар бирдан зулматда қолгувчилардир
- Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азийзу ўта билгувчи Зотнинг тақдир қилганидир
- Ойни эса, токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар манзилларини бичиб қўйганмиз
- На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар
- Улар учун Биз уларнинг наслларини тўла кемада кўтарганимиз ҳам бир оят(белги)дир
- Ва Биз улар учун унга ўхшаш минадиган нарсаларни халқ қилдик
- Агар хоҳласак, уларни ғарқ этурмиз. Бас, уларнинг ёрдамчиси бўлмас ва улар қутқазилмаслар ҳам
- Магар Биздан бир раҳмат ва маълум муддатгача баҳраманд бўлиш бўлсагина (омон қолурлар)
- Уларга: «Олдингиздаги нарсадан ва ортингиздаги нарсадан қўрқинг. Шояд, раҳим қилинсангиз», дейилганда
- Ва уларга Роббилари оятларидан бир оят келганда, фақат ундан юз ўгиргувчи бўлурлар
- Уларга: «Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилинглар», дейилганида, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа, Ўзи таом берадиган кимсани биз таомлантирамизми?! Сиз очиқ-ойдин залолатдан бошқа нарсада эмассиз», дерлар
- Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар
- Улар талашиб-тортишиб турганларида ўзларини бирдан оладиган биргина қичқириқдан бошқа нарсани кутаётганлари йўқ
- Улар на васият қилишга қодир бўларлар ва на ўз аҳлларига қайтарлар
- Ва сурга пуфланди. Бас, улар бирдан Роббилари томон қабрлардан шошилиб чиқурлар
- Улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди?! Бу Роҳман ваъда қилган ва юборилган Пайғамбарлар тасдиқлаган нарса-ку?!» – дерлар
- Фақат биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлгани йўқ. Бас, улар бирдан тўпланиб, ҳузуримизда ҳозир қилингандирлар
- Бугунги кунда бирор жонга ҳеч бир зулм қилинмас. Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз
- Албатта, жаннат эгалари у кунда роҳатланиш ила машғуллар
- Улар ва уларнинг жуфтлари сояларда сўриларда ёнбошлаб ётурлар
- Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалари бордир
- Роҳийм бўлган зот Роббдан «Салом» сўзи бордир
- Эй, жиноятчилар! Бугунги кунда сиз ажралингиз
- Мен сизларга: «Эй, Одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир
- Ва Менга ибодат қилинг, мана шу тўғри йўлдир», деб амр қилмаган эдимми
- Батаҳқиқ, у сизлардан кўпчилик авлодни адаштирди. Ақл юритувчи бўлмаган эдингизми
- Мана бу сизга ваъда қилинган жаҳаннамдир
- Куфр келтириб ўтганингиз туфайли бугунги кунда унга киринг
- Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур
- Агар хоҳласак, кўзларини теп-текис қилиб қўюрмиз. Бас, улар йўлга шошилурлар. Аммо, қандай ҳам кўрсинлар
- Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўюрмиз. Бас, олдинга юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар
- Кимнинг умрини узоқ қилсак, уни хилқатида ночор қилиб қўямиз. Ахир, ақл ишлатиб кўрмайдиларми
- Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ. Бу унинг учун тўғри ҳам келмас. У — зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас
- Тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиш учундир
- Ахир, Биз улар учун Ўз қўлларимиз-ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?! Бас, улар ўшаларга молик(эга)дирлар-ку
- Биз уларга ўша(ҳайвон)ларни бўйинсундириб қўйдик. Бас, улардан маркаблари бор ва улардан ерлар
- Улар учун ўшаларда манфаатлар ва ичимликлар бор. Ахир, шукр қилмайдиларми
- Улар Аллоҳдан ўзга илоҳлар тутдилар. Гўёки, уларга ёрдам берилар эмиш
- Уларнинг ёрдамига («худолари») қодир бўлмаслар. Улар эса, ўша(«худо»)лари учун ҳозир қилинган аскардирлар
- Уларнинг гапи сени хафа қилмасин. Албатта, Биз нимани сир тутсалар ва нимани ошкор қилсалар, билурмиз
- Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?! Энди эса, у очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди
- У Бизга мисол келтирди ва ўз яратилишини унутди. «Суякларни ким тирилтирур? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» – деди
- Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган Зот тирилтиради ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт
- У зот сизларга яшил дарахтдан олов қилиб бергандир. Энди эса, сиз ундан олов ёқмоқдасиз
- Осмонлару ерни яратган Зот уларга ўхшашни яратишга қодир эмасми?! Йўқ! У ўта яратгувчи, ўта билгувчи Зотдир
- Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл» демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур
- Бас, барча нарсанинг том эгалиги қўлида бўлган Зот покдир. Унгагина қайтарилурсизлар