33.The Clans
- Эй Набий! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма! Албатта, Аллоҳ ўта олим ва ўта ҳикматли Зотдир
- Ва ўзингга Роббингдан ваҳий қилинаётган нарсага эргаш. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир
- Ва фақат Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳ кофийдир
- Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир. Ўзларингиз зиҳор қилаётган хотинларингизни сиз учун она ҳам қилган эмас ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир. Аллоҳ эса, ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур
- Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу, Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимли Зотдир
- Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир. Аллоҳнинг Китобида қариндошлар бир-бирларига бошқа мўминлардан ва муҳожирлардан ҳақлидирлар. Фақат, дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустаснодир. Бу, Китобда сатрлар ила битилмиш
- Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам. Биз улардан салмоқли аҳду паймон олдик
- (Буни Аллоҳ) содиқлардан садоқатлари ҳақида сўраш учун қилди. Ва кофирларга аламли азобни тайёрлаб қўйди
- Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Ўшанда устингизга лашкарлар келган эди. Бас, Биз уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юбордик. Аллоҳ нима қилаётганингизни яхши кўриб тургувчи эди
- Ўшанда улар сизнинг уст ва қуйи томонингиздан келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қилардингиз
- Ана шунда мўминлар синовга дучор бўлдилар ва шиддатли ларзага тушдилар
- Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида касаллик борлар: «Аллоҳ ва Унинг Расули бизга ёлғондан бошқани ваъда қилмаган экан», дердилар
- Ўшанда улардан бир тоифаси: «Эй, Ясриб аҳли, бу ерда сизга туриш имкони йўқ. Бас, қайтинглар», деди. Улардан бир гуруҳлари Набийдан изн сўраб: «Уйларимиз очиқ-сочиқ қолган», дерлар. Ҳолбуки, улар очиқ-сочиқ эмас. Улар қочишдан бошқани ирода қилмаслар
- Агар уларнинг устига у(Мадина)нинг ҳар тарафидан бостириб кирилса, сўнгра улардан фитна талаб қилинса, албатта, уни қиладилар. Ҳеч кечикмаслар. Магар озгинагина
- Ҳолбуки, улар бундан олдин ортга қараб қочмасликка Аллоҳга аҳд берган эдилар. Аллоҳга аҳд эса, масъулият бўлгандир
- Сен: «Қочиш сизга ҳеч қандай фойда бермас. Демак, агар ўлимдан ёки қатл бўлишдан қочсангиз ҳам, жуда оз ҳузурланасиз, холос», деб айт
- Сен: «Агар сизга Аллоҳ ёмонликни ирода қилса ёки сизга раҳматни ирода қилса, сизларни Ундан тўсадиган ким бор?!» деб айт. Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга дўст ва ёрдам бергувчи топа олмаслар
- Батаҳқиқ, Аллоҳ ичингиздаги (жидду жаҳдга) тўсиқлик қилгувчиларни ҳам ва ўз биродарларига: «Биз томон келинг», деювчиларни ҳам билур. Улар жангга келмаслар, илло, озгина келурлар
- Сизларга нисбатан бахиллик қилган ҳолларида (келурлар). Бас, хавф келган чоғда уларнинг сенга ўлим талвасасидаги кишига ўхшаб, кўзлари айланиб назар солишларини кўрурсан. Бас, хавф кетганда эса, яхшиликка очкўзлик қилиб, сизларга ўткир тиллар ила озор берурлар. Ана ўшалар, иймон келтирмаганлардир. Бас, Аллоҳ амалларини беҳуда кетказди. Бу эса, Аллоҳ учун осон эди
- Улар аҳзобларни кетмаган деб ҳисобларлар. Агар аҳзоблар яна келсалар, улар аъробийлар ичида, чўлда бўлиб, сизнинг хабарингизни сўраб туришни орзу қилурлар. Агар сизнинг ичингизда бўлганларида ҳам, камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар
- Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди
- Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар. Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади
- Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар
- Аллоҳ содиқларни садоқатлари сабабидан мукофотлаши учун ва мунофиқларни агар хоҳласа, азоблаши ёки тавбасини қабул қилиши учундир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимлидир
- Ва Аллоҳ куфр келтирганларни ғазаблари ила ортларига қайтарди. Улар ҳеч бир яхшиликка эриша олмадилар. Мўминлар учун урушда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилди. Ва Аллоҳ кучли ва азийз Зотдир
- Ва У зот уларга ёрдам берган аҳли китоблардан бўлганларни қўрғонларидан туширди ва қалбларига қўрқинч солди. Бир гуруҳини ўлдирурсизлар ва бир гуруҳини асир олурсизлар
- Ва сизларга уларнинг ерини, ҳовли-жойларини, молу мулкларини ва қадамингиз етмаган ерни мерос қилиб берди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир Зотдир
- Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй
- Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт
- Эй, Набийнинг аёллари! Сиздан ким очиқ гуноҳ қилса, унга бериладиган азоб икки марта кўпайтирилур. Бу эса, Аллоҳ учун осон бўлган ишдир
- Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг Расулига мудом итоатда бўлса ва яхши амал қилса, унинг ажрини икки марта берамиз ва унинг учун гўзал ризқни тайёрлаганмиз
- Эй, Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна, қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар
- Виқор билан уйингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг. Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирни кетказиб, бутунлай поклашни хоҳлайди, эй, аҳли байт
- Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латийф ва ўта хабардор бўлган Зотдир
- Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, хушуъли эркаклар ва хушуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар — ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир
- Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди
- Эсла, Аллоҳ неъмат берган ва сен ҳам неъмат берган шахсга: «Жуфтингни ўзинг ила тутиб тур ва Аллоҳга тақво қил», дер эдинг. Ва ичингда Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани махфий тутардинг ва одамлардан қўрқардинг, ҳолбуки, Аллоҳдан қўрқмоғинг ҳақлироқ эди. Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи, мўминларга ўз асранди болалари хотинларида, улардан ҳожатларини адо қилишгач, танглик бўлмасин деб. Ва Аллоҳнинг амри амал қилиниши лозим бўлгандир
- Набийга Аллоҳ унга фарз қилган нарсада бирон танглик бўлмас. Бу — олдин ўтганлар ҳақида ҳам Аллоҳ тутган йўлдир. Аллоҳнинг амри белгиланган қадар бўлди
- Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир
- Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир
- Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар
- Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар
- У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтадир. У мўминларга ўта меҳрибон бўлган Зотдир
- У зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир. Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир
- Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи
- Ва Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик
- Мўминларга уларга албатта Аллоҳдан улуғ фазлу марҳамат бўлиши ҳақида хушхабар бер
- Кофир ва мунофиқларга итоат этма. Уларнинг озорларига парво қилма. Аллоҳга таваккал қил. Вакил бўлишга Аллоҳнинг Ўзи кифоядир
- Эй, иймон келтирганлар! Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас. Бас, сиз уларни баҳраманд қилинг ва гўзал бўшатиш ила бўшатиб юборинг
- Эй Набий, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни, Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўл остингдаги(чўри)ларни, амакингнинг қизлари, аммаларингнинг қизлари, тоғангнинг қизлари, холаларингнинг қизларидан сен билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик. Ва агар бир мўмина аёл ўз нафсини Набийга ҳадя этса, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса, сен учун махсус ҳалол қилдик. Мўминларга эмас. Уларга жуфтлари ва қўллари остидаги мулк(чўри)лари ҳақида нимани фарз қилганимизни билурмиз. Буни сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимли Зотдир
- Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни ўзингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ бўлмас. Шундай бўлиши уларнинг кўзлари қувончга тўлиши, хафа бўлмасликлари ва ҳаммаларининг сен уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир ва Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта ҳалийм Зотдир
- Сенга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас ва уларга бошқа завжаларни алмаштиришинг ҳам бўлмас. Агар ўшаларнинг ҳусни сени ажаблантирса ҳам. Магар қўлингда мулк бўлган (чўри) бўлса мумкин. Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб тургувчи Зотдир
- Эй, иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар, таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур. У эса, сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта(гуноҳ)дир
- Гар бир нарсани ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ барча нарсани ўта билгувчи Зотдир
- Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остида мулк бўлган(қул)лари ҳақида гуноҳ йўқдир. (Эй, Пайғамбар аёллари,) Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид Зотдир
- Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг
- Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди
- Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар
- Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳимли Зотдир
- Қасамки, агар мунофиқлар, қалбларида марази борлар ва Мадинада миш-миш тарқатувчилар тўхтамасалар, сени уларга қарши қўзғатурмиз. Сўнгра улар у(Мадина)да сенга озгинадан бошқа қўшни бўла олмаслар
- Лаънатланган ҳолларида, қаерда топилсалар, тутилурлар ва ўлдириб ташланурлар
- Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳ тутган йўл ҳам шудир. Аллоҳнинг йўлига ҳеч бадал топа олмассан
- Одамлар сендан соат (қиёмат) ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол, ўша соат яқиндир
- Албатта, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди
- Улар унда абадий бардавом қолурлар. На бир дўст ва на бир ёрдамчи топа олмаслар
- Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: «Эҳ, кошки, Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди», дерлар
- Ва: «Эй Роббимиз, албатта, биз бошлиқларимизга ва катталаримизга итоат қилдик. Бас, улар бизни йўлдан оздирдилар
- Эй Роббимиз, сен уларга азобдан икки ҳисса бергин ва уларни катта лаънатлаш ила лаънатлагин!» дедилар
- Эй, иймон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни улар айтган нарсадан поклади. Ва у Аллоҳнинг наздида обрўли эди
- Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар
- У зот сизнинг амалларингизни солиҳ қиладир ва гуноҳларингизни мағфират қиладир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир
- Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир
- Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиши учундир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимли Зотдир